Тақдимот кун тартибидаги асосий ғоя – бу биринчи навбатда, Ўзбекистонда болалар фаровонлиги даражасини, уларнинг вазиятини янада яхшилаш эканлигини таъкидламоқчиман**.**
Шу нуқтаи назардан айтиш зарурки, боланинг энг устун манфаатларини таъминлаш - Ўзбекистон давлат сиёсатининг асосий таянч йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Бунда боланинг жисмоний, интеллектуал ва маданий ривожланиши учун энг муносиб шарт-шароитларни яратиш бўйича ижтимоий мажбуриятни конституциявий даражада давлат ўз зиммасига олган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қонунчилик базасини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга оид кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Соҳада принципиал янги ёндашувлар ва услублар жорий этилди.
Муҳими, бугунги кунда мамлакатимизда болалар фаровонлигини таъминлашга оид самарали ҳуқуқий механизм йўлга қўйилиши билан бир қаторда, бола ҳуқуқлари, унинг жамиятда қадрият сифатида тан олиниши бўйича мутлақо янги ижтимоий нормаларни шакллантириш йўлида жиддий чоралар кўрилмоқда.
Шу билан бирга, бола манфаатларини таъминлаш бўйича эришилган натижаларни мустаҳкамлаш ва уларни барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида давлат сиёсати кун тартибида янги муҳим вазифалар белгиланган.
Бу вазифаларни барқарор таъминлаш йўлида ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан кўп йиллардан бери ўрнатилган хамкорлик ўзининг янги босқичига чиқмоқда.
Жумладан, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари қўмитаси, ЮНИСЕФ, Халқаро меҳнат ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар тавсияларини амалга ошириш доирасида “боланинг энг яхши манфаатлари” принципини ҳисобга олган ҳолда миллий қонунчилик ва ҳуқуқ амалиётини ислоҳ қилди, бу жараён ҳозир ҳам изчил давом этмоқда.
Умуман олганда, кейинги йилларда Ўзбекистоннинг ЮНИСЕФ билан муносабатлари фаоллашди, мамлакатимизда қатор йирик қўшма тадбир ва лойиҳалар амалга оширилмоқда, болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларнинг сифатли таълим-тарбия олиши, сифатли тиббий хизматдан фойдаланиши, кучли ижтимоий ҳимояси учун яратилаётган шарт-шароитлар самарасини таъминлашда тузилманинг ўрни ниҳоятда катта бўлмоқда.
Ўйлаймизки, айнан шундай амалий мазмунли ва дўстона руҳда хамкорлигимизни давом эттирамиз.
Хусусан, бу борада муҳим қадам – жорий йилда БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалга ошириш бўйича 2024–2027 йилларга мўлжалланган миллий ҳаракатлар режаси қабул қилинди.
Айнан шу хужжат Ўзбекистонда бола ҳуқуқларига оид барча соҳаларда иш ташкил қилиш учун асосий дастурул-амал ҳисобланади. Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларни қай даражада ва қандай амалга оширилиши логистикаси, харитаси кўзда тутади.
Соҳадаги яна бир аҳамиятли натижа – шу йилнинг 15 августида **«Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»**ги қонун Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланди.
Шубҳасиз, мазкур Қонун болаларга нисбатан зўравонликни олдини олишга, оилаларда ва умуман олганда жамиятда болага бўлган муносабатни тубдан ўзгартиришга, болалар ҳуқуқларига оид халқаро индексларда мамлакатимизнинг рейтинги ва имиджини яхшилашга хизмат қилади.
Маълумот учун таъкидлаш жоиз, ушбу қонуннинг ишлаб чиқилишида ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ниҳоятда фаол иштирок этиб, унинг кўмагида миллий ва халқаро экспертлар билан қатор муҳокама, амалий мулоқотлар ташкил этилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 2 март куни фаолиятимизнинг ҳуқуқий асосини тартибга солиш ҳамда бола ҳуқуқлари ҳимоя қилиш тизимини самарали йўлга қўйиш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Ва ушбу Қонун билан болалар омбудсманининг таянч вазифалари қаторида, биринчи навбатда:
- бола ҳуқуқларига оид давлат сиёсатини амалга ошириш ҳамда БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажаришда иштирок этиш белгиланди;
Албатта мазкур қонун Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида мустаҳкамланган бола ҳуқуқларини реал кафолатлашда муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги тақдимот юзасидан тўхталиб айтиш керакки,
ЮНИСЕФ томонидан тайёрланган Ўзбекистондаги болалар ва ўсмирлар вазиятининг таҳлили - мамлакатда бола ҳуқуқлари ҳолати, эришилган ютуқлар ва ижобий тенденцияларни эътироф этган ҳолда соҳада муаммоли нуқталарни аниқлашга йўналтирилган.
Ушбу таҳлилда болалар ва ўсмирларнинг ҳолати инсон ҳуқуқларининг асосий принциплари, жумладан, тенглик, дискриминациядан холи бўлиш ва адолат нуқтаи назаридан тадқиқ этилиб, бунда барча болалар учун адолатли имкониятлар ва натижаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Мазкур таҳлилда Ўзбекистонда болалар фаровонлиги ҳолатини ўрганиш соҳалари сифатида қуйидаги категориялар:
- Саломатлик ва овқатланиш;
- Таълим, дам олиш ва маданият;
- Оилавий муҳит, зўравонликдан ва зарарли амалиётлардан ҳимоя;
- Иштирок этиш ва фуқаролик ҳуқуқлари;
- Камбағаллик ва муносиб турмуш даражаси;
- Болалар ва ўсмирлар заиф гуруҳлари кабилар ўрганилган.
Хусусан, Таҳлилда Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасида давлатнинг болалар саломатлигини яхшилашга йўналтирилган муҳим қадамлари эътироф этилган. Масалан:
• Перинатал марказлар сони оширилди: Ўзбекистонда бирламчи тиббий-санитария ёрдами даражасида туғруқдан олдинги даврда парваришлаш хизматлари билан қамраб олиш даражаси 98 фоизга етганлиги;
• Одам папилломаси вирусига (ОПВ) қарши эмлаш қамрови жиддий ошганлиги;
• Болаларни эмлашнинг мунтазам юқори кўрсаткичларига эришилганлиги;
• Соғлиқни сақлаш ахборот тизимларини модернизация қилишга инвестициялар кўламининг ошиб бораётганлиги каби ислоҳотларни келтириш мумкин.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда болалар учун таълим соҳасида ҳам қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан:
• 2021-2022 йилларда бошланғич таълим билан қамраб олиш 99 фоизни ташкил этди;
• Мактабгача таълим қамрови 2017 йилдаги 30 фоиздан 2024 йилда 73 фоизгача ошди.
- таълим муассасаларида инклюзив таълим учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди.
Худди шунингдек жиддий ислоҳот жараёни бола учун оилавий муҳит яратиш соҳасида ҳам олиб борилди. Хусусан:
- Қонунан оиладаги зўравонлик жиноят деб топилди, болалар ва аёллар учун ҳуқуқий ҳимоя чоралари янада кучайтирилди.
- 2023 йилда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (ИҲМА) ташкил этилиб, болаларни ҳимоя қилиш хизматлари ягона тизимга бирлаштирилди;
- болаларни ҳимоя қилиш хизматлари сифатини ошириш, ижтимоий фаровонликни таъминлаш функцияларини тартибга солиш ва болаларни ҳимоя қилишга тизимли ёндашувни жорий этилди.
Болалар фаровонлиги соҳасидаги шу каби кўплаб ислоҳотлар ва уларнинг натижалари Юнисефнинг бугун тақдим этилаётган таҳлилида эътироф этилган.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари,
Албатта, мазкур таҳлил - миллий давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан конструктив мулоқот асосида олиб борилган маслаҳатлашув жараёнининг натижасидир.
Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимиздаги болалар вазиятининг таҳлилини тайёрлашда амалга оширилган кенг кўламдаги иш, самарали ва мазмунли ҳамкорлик, шунингдек, бола манфаатларини таъминлаш соҳасида миллий институтлар билан саъи-ҳаракатлар муштараклиги учун ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига миннатдорлигимни билдирмоқчиман.
Шубҳасиз, ушбу таҳлил Ўзбекистонда болалар ва ўсмирларнинг фаровонлигини яхшилашга қаратилган сиёсатнинг янги вазифалари ва асосий дастурларини ишлаб чиқиш жараёнида ноёб манба бўлиб хизмат қилади.
Ишонаманки, ЮНИСЕФ билан ҳамкорлигимиз кейин ҳам шундай фаол давом этиб, ўзининг ижобий натижасини беради.
Ва албатта бугунги тақдимотда иштирок этаётган барча мутасадди идоралар вакиллари, фаол жамоатчилик ва ОАВлари Юнисефнинг юртимизда болалар вазиятига оид бўлган фикри, позицияси билан танишиб, бу борада тақдим этилаётган муҳим маълумотлардан, таҳлиллардан хабардор бўладилар.
Жаноб Торицынга тақдимотни ўтказишда муваффақият тилайман.