Айтиш жоизки, айнан сўнгги йиллар давомида давлатимизда бола ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Соҳада янги ёндашув ва услублар жорий этилди. Бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга оид махсус қонунчилик базаси яратилиб, уни ижро этиш юзасидан самарали ҳуқуқий механизм йўлга қўйилди.
Энг муҳими эса, Соҳадаги натижалар нафақат миллий даражада, балки жаҳон миқёсида ҳам эътироф этилмоқда.
Хусусан, Болалар фаровонлиги бўйича Глобал индексда Ўзбекистон юқори поғоналарга кўтарилмоқда. 2017 йилда Ўзбекистон ушбу рейтингда 78 ўринни эгаллаган бўлса, 2021 йилда 16 позиция юқорига кўтарилган. Бу ҳам албатта, соҳада қилинаётган ишларнинг амалий натижасидир.
Миллий қонучилигимизда бола ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган қонун ҳужжатлари сони 40 дан, қонуности ҳужжатлари сони 500 дан ортиқни ташкил этади. Бу эса ўз навбатида, бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилик билан ихтисослашган ҳолда иш олиб бориш ҳамда унинг ижроси бўйича таъсирчан механизмларни яратиш заруриятини юзага келтирди.
Шу билан бирга, бугунги кунда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид давлат сиёсати соҳада яна кўплаб муҳим ва долзарб масалаларни ҳал этишни тақазо этмоқда.
Жумладан, айнан ана шу вазифаларни самарали амалга ошириш йўлида янги ихтисослаштирилган, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий институти - Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) таъсис этилди. Бу институт 2021 йил 9 августдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг **“Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”**ги ПФ-6275-сонли фармони билан жорий этилди.
Болалар омбудсманининг инстуционал ислоҳ этилиши, парламентнинг мустақил сиёсий институти сифатида унинг мақоми мустаҳкамланиши принципиал аҳамиятга эга.
Инсон ҳуқуқлари устуворлигига бўлган ана шу ёндашув шубҳасиз мазкур институтнинг сиёсий-ижтимоий аҳамиятини белгилайди.
Албатта, Болалар омбудсманининг парламент вакили сифатида бирламчи вазифаси бола манфаатларига оид қонунчилик ижроси устидан самарали мониторинг - парламент назоратини олиб боришдир. Ва шу жараёнда:
Бугунги кунда конституция ва қонунларда мустаҳкамланган бола ҳуқуқлари қай даражада таъминланмоқда?
Қонун нормаларини қўллашда ва умуман олганда, турли ижтимоий-ҳуқуқий вазиятларда болаларнинг энг устун манфаатларига риоя этиш қай ҳолатда?
Ана шу масалалар Болалар омбудсмани фаолиятининг асосий функционал йўналишини белгилайди.
Болалар омбудсмани институти бола манфаатларини илгари суриш, уларни ҳимоя қилиш мандатига эга бўлган, айни вақтда ўз фаолиятини фақат ва фақат болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирадиган мустақил органдир.
Шунинг учун ҳам, Болалар омбудсмани институтининг самарали ишлаши, болалар ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилиниши учун мустаҳкам ҳуқуқий замин бўладиган қонуннинг қабул қилиниши ниҳоятда муҳим бўлди.
Айни пайтда таъкидлаш жоизки, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисидаги қонун жорий йилнинг 2 март куни кучга кирди.
Қонун билан болалар омбудсманининг асосий вазифалари белгиланди_:_
- бола ҳуқуқларига оид давлат сиёсатини амалга ошириш ҳамда БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажаришда иштирок этиш;
- бола ҳуқуқлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш орқали боланинг ҳуқуқларини химоя қилиш кафолатларини таъминлаш;
- бола ҳуқуқларига оид қонунчилик талабларининг ижросини ўрганиш, бола ҳуқуқлари таъминлашини мониторинг қилиш;
- имконияти чекланган, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш;
- боланинг ҳуқуқларига риоя қилиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш ҳолатидан жамоатчиликни хабардор қилиш ва бошқа вазифалар.
Қонунан Болалар омбудсмани фаолияти доирасидаги асосий ваколатлари ўрнатилди:
- мансабдор шахсларга қонунчилик бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантириш ва тақдимномалар киритиш_;_
- қонун ҳужжатлари лойиҳаларини бола манфаатлари юзасидан экспертизадан ўтказиш;
- болага нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича чоралар, қамоқда турганларининг сақлаш шароитларини ўрганиш, улар билан учрашиш, ҳужжатлар билан танишиш.
Болалар омбудсманини фаолиятининг асосий йўналиши фуқароларни мурожаатларини ўрганиш орқали амалга оширилади.
Мурожаатлар фақатгина ота еки она, боланинг яқин қариндошларидан эмас, балки вояга етмаганларнинг ўзларидан ҳам келиб тушмоқда. Хусусан, вояга етмаган қизлар оилавий зўравонлик курбони, ота-она еки умуман учинчи шахслар томонидан эрта турмуш қуришга мажбурларнаетганликлари, вояга етмаган ўғил болалар эса уларга мактабларда бошқа синф ўқувчилари томонидан тазйиқ (буллинг) ўтказиб келинаетганлиги юзасидан мурожаат қилишмоқда.
Жумладан, 2024 йилнинг биринчи ярмида Болалар омбудсмани котибиятига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши юзасидан жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан болалар ҳамда уларнинг қонуний вакилларидан жами 471 та мурожаатлар келиб тушган.
Шу билан биргаликда, Болалар омбудсмани фаолиятини самарали ва таъсирчан ташкил этилишига хизмат қиладиган айрим муҳим нормаларга алоҳида тўхталиш жоиз:
Парламент мажлисларида Болалар омбудсмани маърузаси ҳар йили эшитилиши кўзда тутилмоқда. Бу ваколат орқали Болалар омбудсмани бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида эътибор қаратилиши зарур бўлган долзарб муаммоларни парламент майдонига олиб чиқади ва уларнинг ечими бўйича таклифлар беради.
Болалар омбудсманига мансабдор шахсларга қонунчилик бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантириш ва тақдимномалар киритиш ҳуқуқи берилмоқда. Бундай ҳуқуқ шубҳасиз Болалар омбудсмани фаолияти таъсирчанлигини оширади. Хусусан, бола манфаатларини бузилишига йўл қўйган ҳар қандай мансабдор шахсга манзилли равишда тегишли чора кўрилишини таъминлаш имконини яратади.
Шунингдек, Болалар омбудсмани Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий суд, Олий суд Пленуми мажлисларида иштирок этиши ёки таклифлар киритиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда. Мазкур ҳуқуқ орқали Болалар омбудсмани парламентда, ижро органларида ва судларда бола ҳуқуқларини махсус ҳимоя қилади ва мазкур органлар эътиборини айнан бола манфаати устунлигига қаратади. Оддий қилиб айтганда, давлат сиёсатининг бола ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида бевосита ва фаол иштирок этади.
Шу билан бирга, қонун билан суриштирув, тергов органлари ва суд вояга етмаганларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки жинсий эркинлигига қарши жиноятларга оид қабул қилган қарор, ҳукм (ажрим)лари тўғрисида Болалар омбудсманини ёзма равишда хабардор қилиши шарт деб белгиланмоқда.
Бу ҳам ниҳоятда муҳим превентив механизм бўлиб, бундай хабардорлик натижасида болаларга қарши жиноят фактлари яширилиши, бундай ишларнинг қонунга зид равишда тугатилиши, тергов қилинмаслиги ёки судда кўрилмаслиги олди олинади.
Бундан ташқари, қонун билан Болалар омбудсманига қатор процессуал ваколатлар ҳам берилмоқда, жумладан:
– вояга етмаган шахс иштирок этган жиноят иши ҳужжатлари билан танишиш ва улардан кўчирма нусхалар олиш;
– боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш мақсадида суд жараёнларида иштирок этиш;
– ҳукм билан танишиб, бола манфаатидан келиб чиқиб, прокуратурага ҳукм устидан протест билдириш ҳақида мурожаат қилиш каби ҳуқуқлар берилмоқда.
Боланинг манфаатлари бузилаётган ҳолатларда Болалар омбудсмани мазкур янги ваколатларини ишни қонуний ҳал этилиши ва айбдорларга адолатли жазо белгиланишига йўналтириш имкониятига эга бўлади.
Айтиш керакки, бугунги кунда Болалар омбудсмани ўз фаолиятининг марказий йўналишлари қуйидаги масалалар ечимига қаратилган:
1. Биринчи навбатда, кун тартибидаги асосий масала - болаларга нисбатан ҳар қандай шаклдаги зўровонликдан ҳимоя қилиш фаолиятидир. Яъни, бунда болага нисбатан бўлаётган нафақат жисмоний, руҳий, жинсий зўравонлик, балки ғамхўрлик кўрсатмаслик ҳам (яъни, боланинг жисмоний, моддий, психологик, ижтимоий ва бошқа эҳтиёжларини қондирмаслик**) каби зўровонлик шаклларидан болаларни ҳимоялаш.**
Бунда нафақат боланинг яқинлари томонидан, балки таълим ва тарбия муассасалари масъуллари томонидан болага нисбатан турли шаклдаги тазйиқ ва зўровонлик ҳолатларига барҳам беришга оид фаолиятимиз...
2. Фаолиятимизнинг таянч йўналишлардан бири – бу бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган (ёпиқ) муассасасаларда бола ҳуқуқлари таъминланиши даражаси, уларнинг шарт-шароитини мониторинг қилишдир.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган таълим, тарбия, тиббиёт муассасаларига, қамоқда сақлаш жойларига ва жазони ижро этиш муассасаларига, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига, ихтисослаштирилган ўқув муассасаларига мунтазам кириб бориш орқали болага нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича чоралар кўради.
Жумладан, 2024 йилнинг биринчи ярмида Болалар омбудсмани томонидан 23 та мониторинг ташрифлари ўтказилди.
3. Бугунги кундаги яна бир муҳим йўналишимиз - Ўзбекистонда болаларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш (бола одил судловга қандай мақомда жалб қилинганидан қатъий назар);
2016 йилдан бошлаб Ўзбекистонда миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, одил судловда илғор халқаро тажрибани жорий этишга оид ислоҳотлар жараёнида болаларнинг одил судловга эришиши учун имкониятлари таъминланмоқда.
Шу билан бирга, болаларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятлари борасида сўз кетганда, катталардан фарқли равишда болалар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ва ўз қонуний манфаатларига риоя этилишини талаб қилишда ниҳоятда заифдир.
Ҳар қандай суд жараёнига киришаётган болаларга ўз ҳуқуқларини ҳимоялаш инструментлари ишончли таъминланмас экан, чинаккам одил судловга эришиш ҳақида гапириш қийин. Бунинг учун эса одил судлов жараёнларида у ҳоҳ жиноят, ҳоҳ фуқаролик ёки бошқа юритув бўлсин, болаларга самарали юридик ёрдам, вакиллик ва қўллаб-қувватлаш хизматларидан фойдаланиш имконияти тўлиқ таъминланиши зарур.
Болаларнинг одил судловдан фойдаланиш имконияти нафақат турли гуруҳлардаги болалар тушган мураккаб вазиятларга мақбул жавоб бериш учун суд юритуви жараёнида комплекс ёндашув асосида ишлашни тақазо этади. Яъни, одил судлов тизими билан ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимлари ўртасидаги яқиндан ҳамкорлик билан бир қаторда болалар билан ишлайдиган ижтимоий ходимлар ва махсус мутахассисларнинг янада ихтисослашувини талаб этади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, пировардида, Болалар омбудсмани фаолиятини қонуний тартибга солишдан, унинг сиёсий мақомини кучайтиришдан ва ваколатлари таъсирчанлигини оширишдан ягона бирдан бир мақсад - юртимизнинг ҳар бир кичик фуқароси, ҳар бир бола унга Конституция ва қонунларда кафолатланган барча ҳуқуқ - имкониятларидан тенг ва тўла фойдалана олишини таъминлашдир.